АҚШнинг Эронга зарбалари фонида нефть нархи қимматлади
Олам
−
23 Июнь
3536АҚШ томонидан Эрондаги объектларга уюштирилган зарбалар фонида нефть бозорида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, нефть нархининг ошиши сўнгги марта январь ойида кузатилган. Brent нефти фючерслари 23 июнь ҳолатига кўра, 1 баррель учун 1,52 долларга ёки 1,97 фоизга ошиб, 78,53 долларни ташкил этган. АҚШнинг West Texas Intermediate нефти эса 1,51 долларга ёки 2,04 фоизга кўтарилиб, 75,35 долларга баҳоланмоқда.
“Bloomberg” таҳлилига кўра, нефть нархидаги бундай кескин ўзгаришлар Ҳормуз бўғозидаги эҳтимолий узилишлар билан боғлиқ. Бу бўғоз дунёдаги энг муҳим нефть ва газ транспорт артерияси ҳисобланади ва ундаги ҳар қандай узилиш глобал нархларда кескин сакрашга олиб келиши мумкин.
Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг баёнотига кўра, мамлакат ҳар қандай жавоб чоралари вариантларини ўзида сақлаб қолади. Бироқ ҳозирча глобал нефть оқимида реал узилишлар юз бермаган.
Мутахассисларнинг фикрича, бозорлар Эрондан кейинги қадамларга жуда боғлиқ бўлиб қолмоқда. Агар Эрон АҚШга қарши ҳарбий ёки иқтисодий чораларни бошласагина, нархлардаги ўзгаришлар кескинлашади.
Яна бир муҳим хавотир шундаки, Яқин Шарқдаги зиддиятлар глобал инфляцияни тезлаштириши мумкин, бу эса фоиз ставкаларини қисқа муддатда тушириш эҳтимолини камайтиради.
Маълумот учун, жорий йил июнь ойининг бошидан буён нефть нархлари ўсишда давом этмоқда. 13 июнь куни Исроил томонидан Эрон ҳудудига ҳужум бошлангач, нархлар кескин ошган, аммо кейинчалик бироз барқарорлашган эди. “Reuters” маълумотларига кўра, 19 июнь куни Brent маркали нефть нархи 1 баррель учун 79,04 долларга етиб, охирги беш ойдаги энг юқори даражага чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг ҳарбий расмийлари Эрон томонидан Ҳормуз бўғозини ёпиш таҳдиди рўёбга чиқадиган бўлса, қандай чоралар кўрилишини кўзда тутувчи режа устида ишлаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси